Шимолий Боснияда АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трампнинг ҳайкалини ўрнатишмоқчи. Бу ҳақда Sarajevo Times’га асосланиб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, АҚШ президентининг турмуш ўртоғига бағишланган ҳайкални Баня-Лука шаҳридаги оёқ кийим фарбикаси олдига ўрнатишмоқчи. Бундай ташаббус маҳаллий депутат, фабриканинг техник директори Марико Умицевичдан чиқди.
Тахминларга кўра, Мелания Трампнинг ҳайкали табиий катталикда тайёрланади, унинг муаллифи эса аввалроқ Владимир Путин ва Дональд Трампнинг ҳайкалларини ясаган ҳайкалтарош Стево Селак бўлади.
Умицевичнинг сўзларига кўра, Меланиянинг ҳайкалини шу йилнинг 20 июнига қадар ўрнатиш кўзда тутилган. У гипсдан ясалади ва 50 йиллик кафолатга эга бўлади. Депутат «гипсли Мелания» қандай кўринишда бўлишини ҳам аниқлаб олгани таъкидланмоқда.
Маҳаллий депутат, шу тариқа, Босния ва АҚШнинг дўстона муносабатларига ўз ҳиссасини қўшиб, АҚШ етакчисининг турмуш ўртоғини Баня-Лукага таклиф қилмоқчи.
Изоҳ (0)