Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар лигасининг 6-турида ҳам мағлуб бўлиб, Ўзбекистон футбол клубларининг тарихий — 100-мағлубиятига имзо чекишга «муваффақ» бўлди.
Амирликларда «Ал-Айн»дан енгилган «Бунёдкор»нинг Чемпионлар лигасидаги мағлубиятлари сони 32 тага етди. «Championat.asia»нинг футбол мутахассиси Алишер Никимбаевга таяниб маълум қилишича, бу Осиё клублари орасида антирекорд ҳисобланади.
Қизиқ томони, Тошкентнинг бошқа бир клуби «Пахтакор»да ҳам мағлубиятлар сони 32 тани ташкил қилади. Бу борада «Бунёдкор» ҳамшаҳрининг антирекордини такрорлаган.
Фарқи шундаки, «қалдирғочлар» антирекорд қайд этиш учун 81 та ўйинда майдонга тушди. «Пахтакор» эса ОЧЛда 87 та ўйин ўтказиб, шуларнинг 32 тасини бой берган.
«Бунёдкор»нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги 32 мағлубиятининг учдан бир қисми Сергей Лушчан чекига тушади. Қитъа клубларининг энг нуфузли мусобақасида 2008 йилдан буён иштирок этадиган «Бунёдкор» сўнгги уч йилда энг шармандали натижаларини қайд этгани эътиборга молик.
Маълумот учун, Ўзбекистон футбол клублари Чемпионлар лигасида жами 241 та учрашув ўтказган бўлиб, шуларнинг 86 тасида ғолиб чиққан ва 55 тасида дуранг ўйнаган. Бунда мағлубиятлар сони роппа-роса 100 та. Тўплар нисбати ҳам манфий томонда — 295:331.
Изоҳ (0)