«Ўзстандарт» агентлигининг бош директор Актам Ҳаитов бошчилигидаги делегацияси Туркияга ишчи сафари уюштирди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Сафар чоғида Туркия стандартлар институти (TSE) раиси Сабоҳиддин Қўрқмаз, Туркия аккредитация агентлиги (TURKAK) бош котиби Ҳалил Четин ва метрология бўйича Туркия миллий институти (UME) раиси Мустафо Четиндош билан учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон вакиллари Туркиянинг стандартлаштириш бўйича муассасалари ўлчаш ускуналари ва инфраструктураси билан, хусусан, электротехник, озиқ-овқат, кимёвий маҳсулотлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва энергия самарадорлигини ўлчаш аппаратлари билан танишиб чиқди.
Шунингдек, делегация Туркиянинг тегишли идораларининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўз навбатида, Туркия вакиллари «Ўзстандарт» фаолияти ҳамда мамлакат раҳбариятининг соҳани ривожлантириш борасидаги режалари билан таништирилди. Хусусан, 2017–2020 йилларда «Ўзстандарт» агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури юқори баҳоланди.
Туркиялик мутахассислар Ўзбекистон мазкур соҳада муайян қизиқиш уйғотишини эътироф этди. Шу билан боғлиқ равишда икки томоннинг тегишли идоралари ўртасида мунтазам алоқалар ва сафарларни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга бўлиши таъкидланди.
Музокаралар якунларига кўра «Ўзстандарт» ҳамда Туркия стандартлар институти ўртасида 2017–2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. Ҳамкорлик ҳақидаги ҳужжат, шунингдек, Туркия аккредитация агентлиги билан ҳам имзоланди.
Изоҳ (0)