Бўлажак имтиҳон жавобларини ўғирлаш мақсадида Кентукки университетига ноқонуний кирган икки талаба ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда TJournal.
Талабалар 3 майдан 4 майга ўтар кечаси имтиҳон жавобларини ўғирлаш учун университет биносига вентиляция қувури орқали кирган. Бироқ ўша куни ишда кеч қолиб кетган ўқитувчи Жон Кейн тановул қилиш учун хонадан чиққан бўлган. Шунга қарамай, у талабаларни жиноят устида қўлга туширишга муваффақ бўлди.Талабалар хонада яширинишга уринди. Ўқитувчи полицияни чақиришини айтиб, таҳдид қилгач, талабалар эшикни очиб, қочиб кетди.
Полиция етиб келгач, талабаларнинг бири — 21 ёшли Генри Линч ўқитувчи уни таниб қолганидан қўрқиб, воқеа жойига қайтиб келди. Ҳибсга олинган Линч айбига иқрор бўлди ва шериги Трой Кифхут исмли талаба эканлигини маълум қилди.
Линчнинг сўзларига кўра, у аввал ҳам вентиляция қувури орқали бинога кириб, Жон Кейннинг хонасидан имтиҳон жавобларини ўғирлаган.
Қўлга олинган талабаларга нисбатан ўғрилик бўйича айблов эълон қилинди.
The Independent нашри мазкур жиноятчилар бир йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигини қайд этди.
Изоҳ (0)