Илон Маскнинг SpaceX компанияси интернетга тезкор киришни таъминлайдиган сунъий йўлдошларни орбитага чиқариш борасидаги режаларига аниқлик киритди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Ўтган йил ноябрида SpaceX АҚШ федерал алоқа комиссиясига берган ҳисоботида орбитага 4425 сунъий йўлдош чиқариш ниятидалигини билдирган эди, аммо ушбу лойиҳа қачон амалга оширилиши ҳужжатда акс эттирилмаган эди.
3 май куни савдо, фан ва технологиялар бўйича Сенат қўмитасида чиқиш қилган SpaceX вице-президенти Патриция Купер шу йилнинг ўзида компания бундай сунъий йўлдошлар синовини ўтказишини, йил охири ҳамда кейинги йил бошида илк прототиплар учирилишини билдирди. 2019 йилда ушбу лойиҳа доирасида сунъий йўлдошлар биринчи марта Ер орбитасига олиб чиқилади.
Сунъий йўлдошларнинг бутун гуруҳи, режага мувофиқ, 2024 йилга қадар орбитага олиб чиқилади. Улар 1110–1325 километр баландликдаги 83 орбитал текисликда ҳаракатланади.
Келажакда ушбу сунъий йўлдошлар интернет тезлигини Ернинг барча ҳудудларида кескин ошириши ҳамда орбитадан интернет узатиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)