Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Республика ихтисослаштирилган педиатрия ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолияти ўрганилиб, учраб турган камчиликлар қайд этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Айни вақтда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида турли хил наслий, туғма ва орттирилган оғир касалликларга чалинган бемор болаларни даволаш учун махсус реактивлар, дори воситалари ва тиббий буюмлар етишмайди, шунингдек, бир ёшгача болалари бўлган оналарни овқатлантириш масаласи ҳал этилмаган», — деди Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаева.
Қизғин муҳокамалар давомида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди. Хусусан, давлат томонидан қўллаб-қувватлашга муҳтож шахсларнинг имтиёзли ордерлар билан таъминланганлиги ва улар учун койка-ўринларни молиялаштириш етарли даражада эмас.
Марказларда видеоалоқа воситасида масофавий маслаҳат олиш амалиёти жорий этилмаган. Шунингдек, ихтисослаштирилган марказлар мутахассисларини хориждаги етакчи клиникаларда янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва хориждаги марказлардан жалб этилган мутахассислар учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт марказида беморлар сони ва стационар даволанишга эҳтиёж кўплигига қарамасдан икки қаватли бино таъмирталаблиги туфайли фаолият кўрсатмаяпти. Зарур реактивлар ва дори препаратларини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш бўйича узил-кесил чора-тадбирлар кўрилмаганлиги боис айрим тоифадаги беморларни даволаш мураккаблашмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)