Футбол бўйича Ўзбекистон Олий лигасидан жой олган «Бунёдкор» —«Динамо» ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилди.
Самарқанд клуби 21-дақиқада Жавоҳир Қаҳрамоновнинг голи билан ҳисобда олдинга чиқиб олди. 1996 йилда таваллуд топган мазкур футболчи ўз вақтида «Бунёдкор» академиясида таҳсил олган бўлиб, айнан Сергей Лушчан қўли остида тўп сурган. Бироқ «Бунёдкор» асосий таркибига туша олмай, Самарқанд клубида ўйнаб туришга рози бўлган.
Шу футболчининг голи Тошкент грандини 2 очкодан маҳрум қилди. Боиси «қалдирғочлар» бу голга фақатгина бир марта — 26-дақиқада Достон Ҳамдамовнинг голи билан жавоб берди.
Маълумот учун, «Динамо» бунга қадар Тошкентда «Пахтакор»ни мағлуб этишга ҳам муваффақ бўлганди — 1:0.
Қўлга киритилган 1 очко Самарқанд клубини турнир жадвалида 1-ўринга олиб чиқди. 9 очко тўплашга муваффақ бўлган Сергей Лушчан жамоаси эса ҳозирча 7-ўринни эгаллаб турибди.
Аввалроқ бош мураббий Сергей Лушчан яқин орада истеъфога чиқиши мумкинлиги айтиб ўтилганди. Боиси «Бунёдкор» бош директори Бахтиёр Бобоев ўз лавомизидан озод этилган.
Маълумот учун, «Бунёдкор» жорий йилни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги кетма-кет тўрт мағлубият билан давом эттираётган бўлса, мамлакат Олий лигасидаги олти учрашувнинг 4 тасида очко йўқотиб улгурган. Бу клуб тарихидаги энг паст кўрсаткичли старт ҳисобланади.
Ўзбекистон Олий лигаси 7-тур ўйини 20 апрель, пайшанба
Изоҳ (0)