2017 йилнинг 18 апрелида Олмазор туманида ташкил этилган сайёр қабулда туманда мурожаатлар билан ишлаш, муаммоларга ечим излаш борасидаги ишлар таҳлил этилиб, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар кескин танқид қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ташкил қилган очиқ мулоқотда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, марказий идора ва ташкилотлар, банк-молия муассасалари раҳбарлари, пойтахт ва Олмазор тумани ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни ҳал қилишга киришди.
Хусусан, фарғоналик Мухтасар Маҳмудова олмазорлик Шуҳрат Аҳмедов билан фақат шаръий никоҳ асосида бирга яшаган. Икки фарзанди бор. Аёлнинг айтишича, эри руҳий касаллар шифохонасига ётқизилган, оилавий келишмовчилик туфайли у фарзандлари билан уйдан кўчага қувилган. Олти ёшли қизи Нилуфар ҳам мактабгача таълим муассасасидан ҳайдаб юборилган. Аёл эрини руҳий касаллар шифохонасидан топа олмаяпти, эрининг уйига ҳам киролмаяпти.
Сайёр қабулда мутасаддиларга бу аёлни эрининг уйига вақтинча киритиш, яраштириш борасида барча ишни қилиш бўйича топшириқлар берилди.
«Аввало, шунча тушунтириш-тарғибот ишларидан сўнг ҳам фақат шаръий никоҳ асосида турмуш қуриш ҳоллари мавжудлиги жуда ачинарли, мана шундай вазиятларда бу бизни жуда чигал аҳволга солиб қўяди, – деди Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова. – Ҳозир бу аёл эрининг уйига вақтинча киритилади, сўнг турмуш ўртоғини топиб, гаплашиб кўрамиз. Улар қонуний никоҳдан ўтса, аёл шу асосда эрининг уйига доимий прописка қилинади. Шунда бу масалага ҳуқуқий ечим топилади, бироқ оиладаги маънавий муҳитни соғломлаштириш масаласида ҳали анча иш қилишимиз керак».
Олмазор тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Дониёр Султоновнинг айтишича, М.Маҳмудованинг қизи тез кунда оиласига қулай мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!