Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида микроорганизмлардан фойдаланиш технологияси асосида янги микробиологик ўғит ишлаб чиқаришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Замонавий қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалар ва оғир техника қўлланилганда тупроқ хусусиятларининг ёмонлашуви, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида инсон ва жониворлар организми учун зарарли моддалар тўпланиши каби кўплаб салбий оқибатларга олиб келади. Бу каби ҳолатларда биологик ёки муқобил деҳқончилик муҳим аҳамиятга эгалиги, бундай деҳқончиликда минерал ўғитлардан фойдаланилмасдан тупроқ унумдорлигини ошириш учун унинг биологик фаоллиги кучайтирилиши айтилди.
«Самарали микроорганизмлардан фойдаланиш тупроқни кимёвий заҳарли моддалар ва сунъий ўғитлар қўлланиладиган анъанавий қишлоқ хўжалигига қараганда кўп ҳосил берадиган унумдор ерга айлантиради. Тадбир доирасида «Байкал ЭМ 1» янги микробиологик ўғитини мамлакатимизда ишлаб чиқариш тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ўғит ҳосилдорликни ошириш, тупроқ микрофлорасини қайта тиклаш, фермерлар харажатларини анча камайтириш имкониятини яратади», – дейилади ЎзА хабарида.
Ўзбекистонда ушбу микробиологик ўғитдан фаол фойдаланаётган аксарият фермер хўжаликларида ҳосилдорлик сезиларли равишда ошгани кузатилмоқда. Давра суҳбатида мутахассислар препаратнинг тупроқ кимёвий таркиби ва инсон саломатлигига таъсирини ўрганишни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)