Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши аъзолари Сайхунобод тумани «Пахтакор» ҚФЙ ва «Гулбулоқ» маҳалласи фуқаролари билан мулоқот ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
«Пахтакор» қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлган мулоқот давомида бир хонадоннинг маиший-ижтимоий муаммолари ўрганилди. Унда хонадон эгаси, иккинчи гуруҳ ногирони Раҳим Умаровнинг касб-ҳунар коллежини битирган ўғли Собиржон вақтинча ишсизлиги сабабли унга оиласида чорвачилик билан шуғулланиши учун тижорат банкидан кредит ажратилишига кўмаклашилди.
«Уйимизга совға юборган Президентимиздан беҳад миннатдормиз, – деб дуо қилди «Нуробод» маҳалласида яшовчи 91 ёшли Мамасоли Парпиев. – Тиббиёт ходимлари кунда-кунора саломатлигимдан хабардор бўлиб турибди. Уларнинг ҳам қўллари дард кўрмасин. Илгари давлат идоралари вакиллари уйимизга келиб ҳол сўрашини, дард-у ташвишимизни эшитиши, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаши, муаммоларимизга ечим топишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эканмиз. Халқнинг айни кўнглидаги гапларни амалда жорий қилаётган давлатимиз раҳбаридан жуда хурсандмиз».
Куннинг иккинчи ярмида Сайхунобод тумани «Гулбулоқ» маҳалласида гуруҳ вакиллари иштирокида аҳоли билан мулоқот ташкил этилди. Дастлаб кам таъминланган фуқаролар ўртасида ўтказилган тиббий кўрик натижалари юзасидан шифокорларнинг якуний ахбороти тингланди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар, таклифлар мутасаддиларга тақдим этилиб, депутатлар назорати ўрнатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда имконияти чекланган инсонларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шифохона ва санаторияларда даволаниши, тиббий протез-ортопедия воситалари билан таъминланишига амалий ёрдам кўрсатилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)