Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари вилоятдаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган қўшни давлат фуқароси Х.Гулбоев ўзига тегишли халқаро тўлов картасидан ўқиш ҳаражатлари учун 2200 АҚШ долларини ваколатли банклардан бири орқали нақдлаштириб, валютани белгиланган мақсадларга сарфлаш ўрнига, ноқонуний равишда Ўзбекистондан олиб чиқишга уринди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Гулбоев оёқ кийимларининг ички қисмига 2200 АҚШ долларини хуфиёна тарзда жойлаштириб, қўшни давлатга ўтмоқчи бўлган пайтда божхоначилар томонидан фош этилди. Қўшни давлат фуқароси С.Жумамурадова ҳам худди шу усулни қўллашга уринди. У ҳам ўзига тегишли халқаро тўлов картасидан 500 АҚШ долларини ваколатли банкдан нақдлаштириб, этигига яширганча олиб чиқаётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Якунда мазкур қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан жиноят ишлар бўйича Нишон тумани судининг тегишли қарорларига асосан Х.Гулбоев ҳамда С.Жумамурадовага нисбатан жазо чоралари қўлланилиб, ашёвий далил сифатида олинган 2700 АҚШ доллари давлат эгалигига ўтказилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси ташқарисига нақд эркин алмаштириладиган валютани олиб чиқиб кетишга йўловчи божхона декларациясида қайд этиш шарти билан Ўзбекистон Республикаси резидентларига 2000 АҚШ долларига тенг миқдордаги сумма доирасида, норезидентларига эса йўловчи божхона декларациясига мувофиқ олиб кирилган валюта доирасида рухсат этилади.
Кўрсатилган суммадан ортиқ нақд валютани олиб чиқиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валютада операцияларни амалга ошириш учун бош лицензияга эга бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади. Бунга амал қилмаганлар эса қонун олдида жавоб беришга тўғри келади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)