Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентга МДҲ иштирокчи давлатлар Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Беларусь делегациясига бошчилик қилиб келган Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей билан 7 апрель куни учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатлар кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан 2016 йил октябрида Самарқандда олий даражадаги Ўзбекистон—Беларусь учрашуви доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Томонлар кейинчалик амалга оширилган олий ҳукумат даражасидаги ташрифлар алмашинуви ҳамда бошқа алоқалар икки давлат раҳбарларининг савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича берган топшириқлари бажарилишини амалиётга ўтказиш имконини берганини мамнуният билан қайд этди.
Вазирлар МДҲ, БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар форматида ўзаро ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари бўйича ҳам фикр алмашди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)