Тошкент вилояти Пискент туманида яшовчи икки йигит бир куннинг ўзида икки ҳимоясиз аёлни қўрқитиб, уларнинг уйидан қимматбаҳо буюмларини олиб чиқиб кетган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати.
Эндигина 23 ёшни қаршилаган бу йигитлар ўзларининг қинғир ишларини олдиндан режалаштириб олади. Сўнгра ўзлари яшаган Тошкент вилояти Пискент тумани «Оқтепа» МФЙга қўшни бўлган Оққўрғон тумани С.Сегизбаев фермерлар уюшмаси 1-бўлим Шоҳруҳия қишлоғи ҳамда Бўка тумани «Тошлоқ» МФЙда истиқомат қилган уй бекаларига дўқ-пўписа қилиб икки дона мобил телефони ва сариқ металлдан ясалган икки жуфт зираги, бундан ташқари, 180 минг сўм пулини тортиб олиб, кўздан ғойиб бўлган.
Ички ишлар органлари ходимларининг тезкорликда кўрган чоралари натижасида бу икки жиноий шерик қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этиш сабабларини ўрганиш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)