АҚШ кинотеатрларида 31 март кунидан намойиши бошланган «Аслаҳали арвоҳ» (Ghost in the Shell) фильми илк дам олиш кунлари ўзига сарфланган маблағнинг ҳатто бешдан бир қисмини ҳам тўплай олмади. Бу ҳақда «Aфиша Daily» хабар бермоқда.
Картина атиги 19 миллион доллар йиғди, бу эса бюджети 110 миллион доллар бўлган блокбастер учун муваффақиятсизлик ҳисобланади.
«Аслаҳали арвоҳ» (унда бош ролни Скарлетт Йоханссон ижро этган) ёшларда қизиқиш уйғотмади: фильмга чипта олганларнинг 76 фоизи 25 ёшдан катталар бўлиб чиқди.
АҚШдаги энг кассабоп картиналар рўйхатида «Кичкина хўжайин» (The Boss Baby) анимацияли фильми пешқадамлик қилмоқда. Фильм Америкада 49 миллион доллар, дунё бўйича эса 70 миллион доллар тўплади.
Иккинчи ўринни эса «Соҳибжамол ва махлуқ» (Beauty and the Beast) эгаллади. «Аслаҳали арвоҳ» учинчи ўринда қайд этилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!