Тожикистондаги ўқув машғулотлари давомида Ту-22М3 бомбардимончи самолётлари ва Ту-95МС стратегик ракета ташувчиси шартли жангарилар лагерини йўқ қилди. Бу ҳақда 30 март, пайшанба куни Россия Марказий ҳарбий округи матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ўқув машғулотлари уйдирмасига кўра, бир гуруҳ террорчилар бир нечта бинони эгаллаб олиб, улардан бирида қўмондонлик пунктини ташкил этди. Машғулотларда иштирок этган бўлинмалар жангариларни у ердан қувиб чиқариб, «душман»нинг шартли лагери жойлашган тоғли ҳудудга чекинишга мажбур қилди.
«Бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондонлиги томонидан лагер ва ўқ-дорилар омборини йўқ қилиш учун Ту-95МС ракета ташувчилари ва Ту-22М3 стратегик бомбардимончи самолётларини қўллаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Чекинаётган душман кучларини йўқ қилишда Тожикистон Республикаси батальон тактик гуруҳига Су-25 ҳужумчи самолётлари ва Ми-24 вертолётлари кўмак берди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 27—30 март кунлари Россия ва Тожикистон мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик режасига асосан, бирлашган қўшинлар гуруҳини бошқариш бўйича биргаликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти ўтказилмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)