Нукусда Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасининг ҳудудий тақдимоти бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ярмаркада Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ўзларининг 200 дан ортиқ инновацион ғоя, ишланма, лойиҳа ва янги ишлаб чиқилган технологиялари билан қатнашди.
Намойиш этилган ишланмалар энергия тежамкорлиги, муқобил энергия манбаларини яратиш ва ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, кимё технологияси, озиқ-овқат саноати, хом ашё ва енгил саноат соҳаларини ривожлантиришга бағишланган бўлиб, кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали ўқитувчиси Р.Ўтениязов раҳбарлигидаги талабалар томонидан яратилган дастурий ишланмалар, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали ўқитувчиси Р.Юсуповнинг қовун пашшасига қарши махсус ҳимояловчи воситаси, Тошкент архитектура-қурилиш институти катта ўқитувчиси А.Илёсовнинг қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан фойдаланган ҳолда пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси мутахассислар эътиборини тортди.
Ярмаркада тадбиркорлик субъектлари, агрофирмалар ва ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари билан кўплаб шартномалар имзоланди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)