Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова билан учрашди. Бу ҳақда ЎзССВ матбуот котиби Фурқат Санаев «Дарё»га маълум қилди.
Учрашувда тиббиёт соҳасидаги илм-фан ва таълим масалаларида ўзаро тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди, шунингдек, томонлар шифокорлик амалиётига телемедицина технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашди.
Айни дамда икки мамлакат тиббиёт ва илмий муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича ўнта келишув имзоланган. Бундан ташқари, яна саккизта ана шундай ҳужжат имзоланиши режалаштирилмоқда.
Россиялик вазир таъкидлашича, бу даражадаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади ҳамда икки давлат фуқароларининг фаровонлигига хизмат қилади.
Суҳбат якунида Вероника Скворцова Алишер Шодмоновни Москвада бўлиб ўтадиган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Сил касаллиги бўйича биринчи глобал вазирлар конференциясида иштирок этишга таклиф этди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)