Тошкент шаҳрида «Ижтимоий фанларни ўқитиш ва маънавий-маърифий ишларни такомиллаштиришда ўқув-тарбия жараёнининг сифат ва самарадорлиги: муаммолар ва ечимлар» мавзуида ижтимоий фанлар ўқитувчиларининг форуми ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридан 250 нафар ўқитувчи, методист, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари ҳамда олий таълим муассасалари олимлари қатнашди.
Мазкур форум Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида ижтимоий фанлар таълимини такомиллаштириш йўналишида олиб борилган ишларни сарҳисоб қилиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, эришилган ютуқлар, кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилишга хизмат қилади.
Форум тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, иқтисодий билим асослари, одобнома, Ватан туйғуси, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанларини ўқитиш йўналишлари бўйича ялпи ва шўъба йиғилишлари тарзида ўтказилди. Уларда мустақиллик йилларида мазмунан тўлиқ янгиланган ижтимоий фанларни ўқитиш борасидаги ишлар таҳлил қилиниб, долзарб масалаларни ўрганиш белгилаб олинди.
Инновацион таълим технологиялари асосида давлат ва ҳуқуқ асослари дарсларини қизиқарли ташкил этиш, иқтисодий билим асослари фани орқали ўқувчиларнинг иқтисодий маданиятини шакллантириш, ўқувчиларда тарихий тафаккурни ҳосил қилишда замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш, миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар туркумига кирувчи фанларда замонавий дарсларни ташкил этиш методикаси кўриб чиқилди.
Форум иштирокчилари Юнусобод туманидаги 9-умумтаълим мактабида ўтказилган маҳорат дарсларини бевосита кузатиб, таҳлил қилиш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)