Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов Красноярск ўлкаси губернатори Виктор Толоконский билан музокаралар ўтказди, деб ёзади UzDaily.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ва Красноярск ўлкаси савдо ва саноат соҳасида йўлга қўйилган алоқаларга эга. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм соҳаларидаги қўшма лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Виктор Толоконский ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари қайта тиклаш ва ривожлантиришга муҳтож эканлигини таъкидлади. Губернатор Красноярск ўлкаси иқтисодиёт, тиббиёт, таълим каби турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлигини маълум қилди.
«Бугун ўлкамиз янги аэропорт қурмоқда, бу янги йўналишларнинг пайдо бўлишига туртки бўлади. Ўзбекистоннинг табиати, қадимий ёдгорликлари ва тарихий диққатга сазовор жойлари саёҳатчиларимиз учун жуда қизиқарли. Красноярск ўлкаси ҳам ўзининг сайёҳлик салоҳияти билан машҳур», — дея таъкидлади у.
Виктор Толоконский учрашув иштирокчиларини 14-Красноярск иқтисодий форумига таклиф қилди, шунингдек, Ўзбекистон делегациясини 2019 йилги қишки универсиадада кўришга умид билдирди.
Ўзбекистон делегацияси Красноярск ўлкасига ташрифи доирасида озиқ-овқат, енгил ва ёғочни қайта ишлаш саноатининг бир қатор корхоналарига ташриф буюради. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)