Шимолий Корея сўнгги йилларда ядро қуроли ишлаб чиқариш соҳасидаги имкониятларини муваффақият билан кенгайтирмоқда. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Юкия Амано маълум қилди, деб хабар беради «Интерфакс».
«У (КХДР), ўзи айтганидек, ядро қуроли устида иш олиб бориш ва уни ишлаб чиқаришда яхши натижаларга эришмоқда», — деди Амано. Унинг сўзларига кўра, КХДР сўнгги бир неча йил ичида уранни бойитиш қувватини икки баробар кўпайтирган.
Шундай экан, Шимолий Кореянинг ядро қуроли билан боғлиқ муаммони Пхеньян билан музокаралар орқали ҳал қилишга уринишларни давом эттириш кераклиги таъкидланди. Шу билан бир вақтда, Амано ушбу масалада ортиқча оптимистик қарашдан қочиш лозимлигини айтиб, бу муаммо Эрон билан эришилган келишувдек ечилишига шубҳа билан қаради.
Шунга ўхшаш позиция АҚШ томонидан ҳам билдирилди. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли Вашингтон КХДР ядро қуролини тартибга солиш бўйича олти томонлама музокараларни давом эттиришдан маъно йўқ деб ҳисоблаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ КХДРни жаҳон молия тизимидан узиб қўйишни режалаштираётгани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)