Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги маҳаллаларда давом этаётган ўрганиш жараёнларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров ҳамда вилоятдан сайланган депутатлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувларнинг биринчи кунида фракция раҳбари Наримон Умаров тумандаги «Ўзбекистоннинг беш йиллиги» маҳалласи аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда бўлди.
Мазкур маҳаллада 3 502 нафар аҳоли истиқомат қилиб улар асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан машғул. Маҳаллада 74 нафар фуқаро кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган бўлиб, Наримон Умаров дастлаб асосий эътиборни ушбу оилаларнинг моддий фаравонлигини оширишга қаратди. Шу мақсадда уларга давлат томонидан томорқа хўжалигини, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берилди. Шу куннинг ўзида 12 нафар кам таъминланган фуқаролар депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини кўмагида ҳужжатларни жамлаб имтиёзли кредит олиш учун тижорат банкларига топширди ва уларга қисқа фурсатда кредит ажратилиши белгиланди.
Депутат билан суҳбатда маҳалла фуқароси Шавкат Абдусамадов ўтган йили ўзининг ҳам кам таъминланган оилалар рўйхатида бўлганини, томорқасидаги олти сотих майдонга иссиқхона ташкил этиб, ердан унумли фойдаланаётгани боис, яхшигина даромад қилиб, бу йил замонавий уй бунёд этганини фахр билан таъкидлади.
Мулоқот жараёнида маҳалла фуқаролари Абраев Ўрал, Раҳмонов Абдусалим, Ҳамраев Тожимурод, Каримова Нилуфар маҳаллада спорт майдонини қуриш лозимлиги, аҳолини суюлтирилган газ балонлар билан таъминлаш етарли даражада эмаслигини ҳамда 1,5 километрга яқин сув қувури яроқсиз ҳолга келиб қолгани сабабли ичимлик суви таъминотида узилишлар бўлаётганини айтиб депутатлардан ёрдам сўради.
Туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган, табиий газ босимининг пастлиги, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши каби масалалар юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда уларнинг бажаралиши назоратга олинди.
Изоҳ (0)