Бугун халқаро ҳамжамиятнинг нигоҳи 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга қаратилган, десак, асло янглишмаймиз. Халқаро экспертлар томонидан қайд этилишича, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғундир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистонда фаолият юритаётган тузилмалари ваколатхоналари раҳбарлари ушбу дастуриламал ҳужжатнинг мамлакат келажаги учун долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқда.
Стефан Приснер, БМТнинг мамлакатдаги доимий мувофиқлаштирувчиси:
«БМТнинг Ўзбекистондаги тузилмалари мамлакатингизнинг янги тараққиёт дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичида жуда долзарб саналади. Унда маъмурий, суд-ҳуқуқ, иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий соҳани ривожлантириш, шунингдек, яқин қўшничилик, дўстлик ва миллатлараро бағрикенглик руҳида ташқи сиёсат олиб бориш кўзда тутилган. Унда белгиланган кўплаб вазифалар БМТнинг 2016–2020 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмаклашувчи доиравий дастурига мувофиқ БМТ тузилмаларининг мамлакатингиз билан ҳамкорлигининг устувор йўналишларига ҳамоҳангдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мамлакат гуруҳи Ҳаракат дастури ишлаб чиқилаётган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари асосидаги глобал тараққиёт дастури ҳамда халқаро ҳуқуқий асослар, шунингдек, ҳамкорликнинг жорий ва истиқболдаги йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, ўз тавсияларини берди. Шуни ишонч билан таъкидламоқчиманки, БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ агентликларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари бундан кейин ҳам мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишга, шу жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишга тайёр».
Криста Пиккат, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
«Мамлакат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси эътирофга лойиқ. Ушбу ҳужжатнинг жамоатчилик муҳокамаси ташкил қилингани манфаатдор томонларга, жумладан, фуқаролик жамияти институтларига муҳокамаларда иштирок этиш ва республика келажак тараққиёти йўли бўйича ўз фикрларини билдириш имконини берди. Бундай жараён халқнинг дилидаги гапларни эшитиш, ўз келажагини белгилашда иштирокини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади. Бу, айниқса, Ўзбекистонда 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган бир даврда янада аҳамиятлидир.
ЮНЕСКО Ҳаракатлар стратегиясини тушунтириш ва тарғиб қилишда ОАВнинг фаол рол ўйнашини қайд этади. Шубҳасиз, журналистлар чуқур таҳлилий материаллари билан давлат ва жамият ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилади.
Ҳаракатлар стратегияси мақсадлари мамлакатнинг келажак тараққиётини белгилаб беради. Айниқса, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга эътибор қаратилаётгани, таълим сифатини оширишга урғу берилаётгани, қонун устуворлигини, миллатлараро бағрикенгликни таъминлаш асосий мақсад сифатида белгилангани диққатга сазовордир. Бу Барқарор ривожланиш мақсадларининг илғор ғояларига таянган ҳолда, инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили саналади.
Стратегия доирасида ЮНЕСКО таълим сифатини янада оширишга, ОАВ масъулиятини юксалтиришга, мамлакатнинг маданий ва табиий меросини сақлашга кўмаклашиши мумкин. Ташкилотимиз ўз тажрибаси, илғор халқаро амалиёт билан Ўзбекистоннинг барқарор келажагини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этади».
Саша Грауманн, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
«БМТ Болалар жамғармаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинишини алоҳида эътироф этади. Энг муҳими, Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар, ОАВ, халқаро ташкилотлар иштироки учун барча шароит яратилди, уни амалга ошириш бўйича тавсиялар инобатга олинди.
ЮНИСЕФ халқаро экспертлик кўмаги, илғор тажриба ва амалиёт билан Ўзбекистонда оналар ҳамда болалар ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда ислоҳотлар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаб келади. Хусусан, ЮНИСЕФ суд-ҳуқуқ соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар доирасида халқаро қоидалар ва стандартларни имплементация қилиш масалаларида мамлакатингиз ҳукумати билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. Судларнинг ихтисослашиши ҳамда ходимлар салоҳияти оширилиши «болаларга дўстона» суд тизимини яратишга хизмат қилади. Бу эса одил судлов жараёнида зарур кўмак беришда қўл келади.
БМТ Болалар жамғармаси давлат ташкилотлари ва НТТ билан ҳамкорликда болалар ҳуқуқларига дахлдор масалаларда ўз фаолиятини давом эттиради. 2013 йили БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистонга ўз таклифларини берган эди, ЮНИСЕФ ушбу тавсияларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг учинчи факультатив протоколини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш учун қўшимча имкониятларга эга. Биз Ҳаракатлар стратегиясини самарали рўёбга чиқаришда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз».
Миеко Ябута, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
«Яқинда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг мамлакатни ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан жадал ривожлантиришга бўлган интилишининг яққол ифодасидир. Бу асосий мақсад сари, яъни 2030 йилда аҳоли жон бошига даромади юқори бўлган давлатлар қаторидан жой олиш йўлидаги муҳим қадамдир. Ҳаракатлар стратегияси муҳокамаси жамият ҳаётининг барча жабҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга одамлар катта иштиёқ билан қараётганини кўрсатди. Баҳс-мунозаралар Ҳаракатлар стратегиясини янада бойитишга, унда одамларнинг эҳтиёжларини акс эттиришга хизмат қилди. БМТ агентликлари ҳам муҳокамаларда фаол қатнашди. Бундай ҳамкорлик келажакда ҳам изчил давом эттирилади. Бу бизга бугунги кун талабларига жавоб берадиган давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшиш имконини беради.
Ташкилотимизнинг асосий фаолият йўналишлари, жумладан, хотин-қизлар ҳамда ёшлар фаровонлиги, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишлари сифатида белгилангани қувонарлидир. Ушбу ҳужжат оналар соғлиғини муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш даражасида репродуктив саломатликка эътибор қаратиш, тиббий хизмат сифати ва ундан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида аниқ чора-тадбирларни кўзда тутади. Айнан мана шу соҳаларда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси катта тажрибага эга. Биз ушбу тажрибамиз билан ўртоқлашишга ҳозирмиз.
Биз Ўзбекистон ҳукумати, жамоат ташкилотлари билан халқингиз ҳаёт даражасини янада юксалтиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг тўлиқ амалга оширилишида бақамти ишлашга тайёрмиз».
Динара Чиркова ёзиб олди
Изоҳ (0)