Жорий йилнинг 1 март санасидан бошланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик Палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи вакилларининг Яккабоғ тумани аҳолиси билан мулоқотлари қизғин давом этмоқда, деб хабар беради Қонунчилик Палатаси ахборот хизмати.
Дастлабки ўрганишлар давомида аҳоли томонидан таълим муассасаларининг моддий-техник таъминоти, жумладан, дарсликлар, қўлланмалар, ўқув қуроллари ва жиҳозларнинг етишмаслиги, ўқитиш сифатининг талаб даражасида эмаслиги, биноларнинг таъмирталаблиги, хоналар етарли даражада иситилмаслиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар каби муаммолар кўтарилди. Шу асосда мутасаддилар иштирокида мазкур масалаларни ҳал этиш чоралари ҳам кўриб чиқилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари Жамшид Пирматов ва Абдуғани Умиров томонидан тумандаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўрганилганда бу ерда таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар мутлақо талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Ўқувчилар билан суҳбат ўтказилганда уларнинг билимлари ниҳоятда саёзлиги, бунинг устига илм масканидаги кутубхона етарли дарсликлар, бадиий адабиётлар билан таъминланмаганлиги аниқланди.
Шу туманнинг 104-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳам ўрганилиб, бу даргоҳда 285 нафар ўқувчи таълим олиши, бу ерда ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши қониқарли эмаслиги маълум бўлди. Дарсларни кўргазмали қуроллар асосида ўтишга риоя этилмаётгани, география дарсида фойдаланиладиган дунё харитаси эскириб кетганлигидан титилиб қолгани кузатилди. Ўқувчилар билан мулоқот ўтказилганда рус тили фани бошланғич синфдаёқ ўқитилаётган бўлишига қарамай, 8-синфда таълим олаётган болалар бу фан бўйича етарли тасаввурга ҳам эга эмаслиги аён бўлди.
16-сонли мактабгача таълим муассасасида эса иситиш тизими мутлақо талабга жавоб бермаслиги, ошхонада тайёрланаётган таомлар сифати талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)