Лондоннинг «Арсенал» клуби Чемпионлар лигаси нимчорак финалининг илк учрашувини 1:5 ҳисобида бой бергач, «тўпчилар»нинг кейинги босқичга йўл олишига кўпчилик ишонмаётганди. Бироқ такрорий ўйинда ҳам шу ҳисобнинг қайд этилиши ҳақиқий кутилмаган ҳол бўлди.
«Арсенал»
«Арсенал»нинг еврокубоклардаги энг йирик уй мағлубияти 1982 йилда қайд этилган бўлиб, лондонликлар «Спартак»дан 2:5 ҳисобида енгилганди. 2017 йилга келиб эса клуб энг йирик мағлубиятини тарихга ёзди — 1:5.Англия клубларининг еврокубоклар плей-оффидаги энг ёмон натижаси ҳам энди «Арсенал»га тегишли. 1960 йил «Вулверҳэмптон» икки ўйин натижасига кўра «Барселона»дан 2:9 ҳисобида енгилганди. 2017 йилга келиб эса «Арсенал» умумий ҳисобда 2:10 натижасини қайд этди.
«Арсенал» четлатишлар сони бўйича Чемпионлар лигасининг иккинчи рақамли жамоасига айланиб олди. Шу кунга қадар «Арсенал» ва «Бавария»нинг 17 нафар аъзоси майдондан четлатилганди. Лондонликлар бу борада рақибдан ўзиб кетди. Энг кўп бор «Ювентус» футболчилари қизил карточка ишлаб олган — 22 марта.
1:5 — бу сўнгги 20 йилликдаги энг йирик уй мағлубияти бўлди «Арсенал» учун. 1998 йил Англия кубогида «тўпчилар» меҳмони бўлган «Челси» 5:0 ҳисобида зафар қучганди. Бу сафар эса «Бавария» 20 йиллик ярани тирнаб ўтди.
«Арсенал» кетма-кет еттинчи бор 1/8 финалдан учиб кетди. Сўнгги бор клуб 2010 йилги мавсумда чорак финал чиптасини қўлга киритганди.
Учрашув давомида «Арсенал» мухлислари клубнинг асосий акционери ҳисобланган Стэн Кронкенинг кетишини истаб баннер кўтарди. «Бизнинг клубдан йўқол ва кўзимизга кўринма, Стэн Кронке», деб ёзилганди баннердаги ёзувда.
«Бавария» фанатлари эса Лондондаги чипта нархидан нолиб баннер кўтарди. «Лондон — 64 фунт. Мюнхен — 59+1 евро. Пасткашлик чегара билмайди», деган ёзувни кўриш мумкин эди. Яна бирида эса «Футбол мухлисларсиз бир пенс ҳам турмайди» деб қўйилганди.
«Бавария»
«Бавария» Лондонга ташрифидан кейин турли мусобақалардаги мағлубиятсиз сериясини 17 та ўйинга етказиб олди. Клуб шуларнинг 15 тасида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олганди.Гол уриш борасида эса «Бавария» 18 талик кўрсаткичга етиб келди. Клуб сўнгги бор ўтган йилнинг 19 ноябрь куни «Боруссия Дортмунд» дарвозасига йўл топа олмай, 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Кейинги 18 та учрашувда эса гол ура олди.
«Арсенал» дарвозасига гол урган Арьен Роббен голландиялик футболчиларнинг Чемпионлар лигасидаги муваффақияти борасида иккинчилардан бўлиб олди. Унинг каби Патрик Клюверт ҳамда Рой Макай ҳам мазкур турнирда 29 тадан гол урган. Яққол пешқадам бу борада Рууд ван Нистерлой — 56 та гол.
Изоҳ (0)