Фаолиятини Эрон чемпионатида давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сервер Жепаров форс диёридаги илк голини уришга муваффақ бўлди.
Лиганинг 23-турида у тўп сурадиган «Сепахон» клуби ўз майдонида кучли тўртликда бораётган «Зоб Аҳон» клубини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида зафар қучди. Беллашувда ҳисоб очувчи голга Сервер Жепаров муаллифлик қилди.
Мавсум якунига 7 та тур қолган бир пайтда «Сепахон» турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди. Умидли томони шундаки, клуб 4-ўриндаги «Зоб Аҳон»дан 2 очко камроқ жамғарган.
Маълумот учун, Жепаровдан гол ўтказиб юборган «Зоб Аҳон» Чемпионлар лигасида «Бунёдкор» билан бир гуруҳдан жой олган. У 1-турни «Ал-Айн» майдонида ўтказиб, «қалдирғочлар»ни Тошкентда мағлуб этган клуб билан дуранг ўйнаганди — 1:1.
13 март куни «Зоб Аҳон»нинг ўзи Тошкентга «Бунёдкор» билан ўйин учун ташриф буюради.
Эронда фаолиятини давом эттираётган яна бир ўзбекистонлик Азиз Ибрагимов жамоаси «Машинасози» билан мағлуб бўлди. Лиганинг амалдаги чемпиони майдонига ташриф буюрган клуб 0:1 ҳисобида енгилди. Ибрагимов майдонда 90 дақиқа тўп сурди.
Олдиндаги 7 та тур давомида Ибрагимов жамоадошлари хавфли зонадан чиқиб оладими ёки йўқ — айтиш қийин. Шунингдек, Самвел Бабаян ўтган мавсум «Бухоро»нинг энг яхши тўпурари бўлган ва энди форс чемпионатида ўйнаётган футболчини таркибга чақирадими ёки йўқ — маълум эмас.
Эрон Про лигаси 23-тур 5 март, якшанба
Изоҳ (0)