«Лестер» жамоасини 133 йил кутилган чемпионлик сари бошлаб келган Клаудио Раньери яқинда ишдан олингани ҳақида хабар берилганди. «Лестер» билан ўтган мавсумда ўзига хос эртак ярата олган мураббийнинг истеъфосига футбол жамоатчилиги турли хил муносабат билдирди.
Шекспир
Бу сиз билган машҳур адиб эмас, Раньерининг ёрдамчиси эди. Энди жамоа юкини у вақтинчалик устозисиз тортишга мажбур. Ўша қора оқшом палласида икки дўст узоқ суҳбатлашгани ҳақида қуйида ўқиш мумкин.Бизнинг ўйинчилар билан муаммомиз йўқ эди. Қониқарсиз натижалар сабаб ғалати туйғулар пайдо бўлгани рост. Бироқ Клаудио шунда ҳам кийиниш хонасидаги обрўсини йўқотмаганди.Клаудио билан муносабатларимиз аъло даражада бўлган. Кеча кечқурун у билан узоқ гаплашдик, фикр алмашдик. Ундаги гаплар доим ўртамизда қолади.
Крейг Шекспир, «Лестер» бош мураббийи вазифасини бажарувчи
Вишай Шривадханапрабха
«Лестер» учун унитилмас онларни тақдим этган мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатиш осон бўлмаган, буниси аниқ. Қарор қабул қилишдан олдин жамоа хўжайинлари ич-этини еганига шубҳа йўқ. Бироқ ҳаёт бешафқат, унда кутилмаган бурилишлар ҳам бўлиб туради.Бизда раҳбарият қўлидан келганича ишлайди. Ечилиши шарт бўлган бирорта муаммо мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, клубнинг Премьер-лигада қолиши учун миллионта иш қилиш лозим.Илтимосим шу —қароримни ҳурмат қилинг! Мен «Лестер»ни уялтириб қўйиши мумкин бўлган ишга ҳеч қачон қўл урмайман.
Instagram билан эса хайрлашаман. Бу ерда мени қайтиб кўрмайсиз.
Вишай Шривадханапрабха, «Лестер» хўжайини
Каспер Шмейхел
Отасининг йўлини босиб ўтиш ва Англия чемпионлигига эришишни тасаввур қилиш Каспер учун қийин эди. Чунки у мамлакатнинг топ клубида тўп сурмайди. Италиялик мураббий эса шу ўғилни ҳам АПЛ тахтига олиб чиққанди.Нафақат «Лестер», балки шахсан ўзимга сингган меҳнатлари учун Клаудиога миннатдорчилик билдираман. Биргаликда эришган ютуқларимиз катта ҳурмат ва мақтовга лойиқ. Ҳаммаси учун раҳмат, босс!Каспер Шмейхел, «Лестер» дарвозабони
Антонио Конте
Контенинг «Челси»си ўйнай бошлагач, Раньерининг «Лестер»и «ишдан чиқди». Бироқ ўтган вақт ичида мураббийни нафақат Англияда, балки ватани Италиядаги мутахассислар ҳам тан олиб бўлганди.Кайфиятим бузилди. Клаудионинг ишдан олинганидан қаттиқ таъсирландим. Биринчидан, у менинг дўстим ва яхши инсон. Ундан кейин эса ажойиб мураббий ҳамдир.Мен Раньерига албатта қўнғироқ қиламан. Бироқ ҳозир эмас. Бироз кутган маъқул. Ҳозир унинг кўнглидан нималар ўтаётганини яхши тушунаман.
Антонио Конте, «Челси» бош мураббийи
Роберто Манчини
Манчини «Манчестер Сити» билан АПЛда зафар қучган. Бироқ унинг бу муваффақиятини бугун ҳеч ким эсламаслигини яхши билади. Раньерининг чемпионлиги билан солиштирганда уники ер билан осмонча фарқ қилади.Афсус. Бу — футбол. Агар ютсанг зўрсан, ютқазсанг бунинг учун товон тўлайсан. Раньери шундай буюк иш қилдики, уни 2000 йилдан кейин ҳам яхши эслашади.Роберто Манчини, мураббий
Юрген Клопп
«Normal one». Клоппнинг Раньери борасидаги фикрлари кўпчилик учун қизиқ эди.Сўнгги вақтларда ғалати ишлар бўляпти: Brexit, Трамп ва мана энди Раньери… «Лестер» раҳбарияти нима сабабдан бундай қарорга қўл урганини тушунмайман. Барча уларнинг АПЛ ва Чемпионлар лигасидаги ҳолатини кузатиб турганди.Раньери мўъжизавий инсон. У билан илгари бир неча бор учрашганмиз. Балки жамоа раҳбариятидан нима сабабдан бундай қарорга келганини сўраш керакдир...
Юрген Клопп, «Ливерпуль» бош мураббийи
Жозе Моуриньо
Жозе Моуриньо бир вақтлар «Челси»да ишлаган Раньерини тролл қилишда тенгсиз эди. Бироқ италияликнинг «Лестер»даги фаолиятини мана шу ўжар инсон ҳам тан олишга мажбур бўлди.Англия чемпиони ва жаҳоннинг энг яхши мураббийи истеъфога чиқарилди. Замонавий футбол эса афсуски шундай.Клаудио, сиз жилмайишда давом этинг! Сиз ёзган тарихни ҳеч ким ўчиролмайди!
Ҳа, айтганча, «Лестер» стадиони Клаудио номи билан аталиши лозим. У бунга яраша хизмат қилиб бўлди.
Жозе Моуриньо, «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи
Карло Анчелотти
Раньерининг ҳурмати Анчелотти ҳам Моуриньони қўллаб юборди.Жозе билан ҳамфикр эмасман. Бироқ бу сафар унинг сўзларига қўшилмасдан иложим йўқ. Барча қатори мен ҳам ҳайратдаман. Лекин ишидан айрилиш — мураббий фаолиятининг бир қисми.У тарих яратди. «Лестер» Раньерига барчаси учун миннатдорчилик билдириш лозим.
Карло Анчелотти, «Бавария» бош мураббийи
Гари Линекер
Гапнинг ўғил боласи мана шундай бўлади:
Клаудио кетганини эшитиб, клуб ва футбол учун йиғлаб юбордим. «Лестер»нинг ўтган мавсумдаги ўйини тушунарсиз эди, жорий мавсумдагиси эмас. Клуб Чемпионлар лигасида ўйнаётгани ва АПЛда сўнгги ўринда эмаслигини ҳисобга олсак, Раньери ишлашга ҳақли эди.Гари Линекер, собиқ футболчи
Клаудио Раньери
Сўнгги сўз италиялик қаҳрамоннинг ўзидан. Футбол жамоатчилиги бу инсонни ҳеч қачон унутмайди!Кеча менинг орзум саробга айланди. Биз АПЛ чемпионлигини қўлга киритган бахтли онларда «Лестер»да бир умр қолишни ўйлагандим. Афсуски, бундай бўлмади.«Лестер»даги фаолиятим давомида мени доимо қўллаб-қўвватлаб келган рафиқам Розанна ва бутун оиламга миннатдорчилик билдираман. Ҳаммадан ҳам кўпроқ, албатта, «Лестер»дан миннатдорман. Бизнинг чемпионлигимиз бир умр эслаб юриладиган ажойиб саргузашт бўлди.
Журналистларга ҳам раҳмат! Улар биз футболда яратган ажойиб тарихни доимий ёритиб келди. Мухлислардан ҳам миннатдорман. Улар биринчи кунданоқ ўз юракларидан менга жой беришди ва мени севишди. Мен ҳам сизларни севаман!
Биз эришган ютуқ ва натижаларни ҳеч ким, ҳеч қачон биздан тортиб ололмайди. Ўйлайманки, сизлар бу натижаларни мен каби ҳар куни қувонч билан эслаб турасизлар. Бу мен ҳеч қачон унутмайдиган мўъжизавий ва бахтли дамлар эди. Сизлар билан чемпионликка эришганим мен учун ҳам қувонч, ҳам фахрдир!
Клаудио Раньери «Лестер» клуби собиқ бош мураббийи
Изоҳ (0)