Англия лига кубогининг финалида зафар қучган «Манчестер Юнайтед» Жозе Моуриньо билан мавсумдаги иккинчи совринига эга чиқди. Чемпионатни «Лестер» устидан қозонилган ғалаба билан бошлаб, Англия Суперкубогини ўзиники қилиб олган «қизил иблислар», бу сафар мамлакат Лига кубогида зафар қучишга муваффақ бўлди.
Ҳал қилувчи ўйиндаги рақиб «Саутгемптон» футболчилари бўлиб, Клод Пюэль шогирдлари манчестерликларга етарлича қаршилик кўрсата олди. Учрашувдаги дастлабки икки гол «Юнайтед» томонидан киритилган бўлса-да, кейинроқ Маноло Габбьядини ўзини кўрсатиб, мувозанатни тиклашга эришди.
Учрашув якуни арафасида Златан Ибраҳимович катта саҳнага чиқиб, у ҳам дублини расмийлаштирди ва худди Суперкубокда бўлгани каби жамоасига муҳим ғалаба тортиқ қилди. Қайд этиш керак, Ибраҳимович айнан Моуриньонинг истаги бўйича Манчестерга ташриф буюрганди.
«Саутгемптон» финалга қадар «Арсенал», «Ливерпуль» каби клубларни турнирдан чиқариб юборганди. Лига кубогидаги ғалаба унинг келаси мавсум Европа лигасида иштирок этишини таъминлаб берарди. Бироқ Моуриньо ва унинг жамоаси бунга йўл қўймади.
«Юнайтед»нинг Чемпионлар лигасига йўлланма олиши учун икки йўл бор: бири АПЛда кучли тўртликка кириш, иккинчиси Европа лигасида зафар қучиш. Ҳозирча Моуриньо ҳар икки фронтда ҳам курашни давом эттирмоқда. Шунингдек, Англия кубогида ҳам «Юнайтед» мағлуб бўлганича йўқ.
Англия лига кубоги Финал 26 февраль, якшанба
Изоҳ (0)