Самарқанд вилоятида ўтказилган дастлабки «Профилактика куни» тадбирлари давомида ҳудуддаги 511 умумтаълим мактаби, 108 касб-ҳунар коллежи ва академик лицейда ўқувчилар давомати ўрганилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўрганишлар давомида ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган ёки мунтазам дарс қолдираётган ўқувчилар аниқланиб, 79 ота-она ва таълим муассасасининг 16 ўқитувчиси ва мураббийига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан тегишли чоралар кўрилди.
Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг келиб-кетишини қайд этувчи «SMS-турникет» қурилмаси ва видеокузатув мосламаси ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Бундан ташқари, аҳоли бандлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, 9000 дан зиёд ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилди ва уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан туман ва шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар киритилди.
Таълим муассасаларида ўқувчилар билан ўтказилган учрашувларга уларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилиб, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари тушунтирилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)