Бельгиянинг собиқ қироли 82 ёшли Альберт II 21 февраль куни унинг беникоҳ туғилган қизи эканликда тахмин қилинаётган 48 ёшли Дельфина Боэлнинг отаси эканлигини ўрнатиш билан боғлиқ иш бўйича суд қилинади. Ёпиқ шаклдаги суд 21 февраль куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Альберт II 2013 йил 21 июль куни тахтдан воз кечиб, вориси этиб катта ўғли Филиппни тайинлаган. Тахтдан кетиш натижасида Альберт II ўзининг суд қилинмаслик иммунитетини ҳам йўқотди.
Дельфина Боэль, ўз навбатида, Альберт II отаси эканлигини исботлаш учун ДНК тестини ўтказишни ва қиролнинг беникоҳ қизи деб расман тан олинишини талаб қилмоқда. Дельфина шундай деб тан олинган тақдирда у мероснинг маълум бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади, бироқ қироллик оиласи аъзоси бўла олмайди.
Қироллик қасри расмий ахборотига биноан Альберт II нинг шахсий молиявий аҳволи 12,4 миллион еврога тенг. Бироқ маҳаллий ОАВлар маълумотларига кўра, қиролнинг умумий маблағи 25 миллиондан 1 миллиарда еврогача бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Бельгия монархининг беникоҳ туғилган қизи ҳақидаги илк ахборот 1999 йил пайдо бўлган. У вақтда қирол Альберт II турмуш ўртоғи Паола билан никоҳи «1960 йиллар охирида жиддий инқирозга юз тутганини» айтиб, беникоҳ фарзанди бўлиши мумкинлигини билвосита тасдиқлаган. Бундан ташқари, 1960-йиллар охирида Альберт II қирол бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган Льеж шаҳзодаси бўлгани қайд этилган.
1993 йил Бельгия қироли бўлган Альберт II нинг акаси Бодуэн фарзандсиз вафот этгач, тахт Альберт II га мерос қолган. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)