Голландиянинг Роттердам шаҳри мезбонлик қилаётган теннис бўйича ATP мусобақасида Денис Истомин чорак финал масаласини ҳал қилиш учун бугун — 16 февраль куни тунда кортга чиқади.
Мусобақадаги иштирокини британиялик теннисчидан учралган мағлубият билан бошлаган Денис Истомин, ташкилотчиларнинг имтиёзли йўлланмасига эга чиқиб, яна ўша теннисчига қарши кортга тушган ва реванш олиб, нимчорак финал масаласини ижобий ҳал қилганди. Энди у мусобақанинг бешинчи ракеткаси сифатида эътироф этилган болгариялик Григор Димитров билан беллашади.
Димитров нимчорак финалда германиялик Миша Зверев устидан уч сет давом этган геймда зафар қучди. Қайд этиш керак, ATP рейтингида 12-ўринда бораётган Димитров Австралия очиқ чемпионатида Денис Истоминнинг муваффақиятли юришига якун ясаб берганди. Айни вақтда Истомин дунё теннис рейтингида 76-ўринни эгаллаб турибди.
«Оламспорт» маълумотига кўра, тўқнашув Тошкент вақти билан 23:30 да бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)