Номзоди Тошкент шаҳар фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан илгари сурилган ҳамда махсус тайёргарликдан ўтган 12 киши 8 февраль куни экологик назорат бўйича жамоатчи инспектор гувоҳномасини қабул қилиб олди. Бу ҳақда, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Тез орада ушбу гувоҳнома мамлакат бўйича 750 дан зиёд кишига берилади. Аввалроқ жамоатчи инспекторлар учун 20 мингдан зиёд фуқаро номзод сифатида танлаб олингани маълум бўлган эди.
Атроф-муҳит ҳолатини назорат қилиш, унинг ифлосланиши, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик ёхуд саломатликка таҳдид солишга сабаб бўлувчи ҳолатларни аниқлаш, давлат органлари ва фуқароларни атроф-муҳитдаги ўзгаришлар ҳақида огоҳ қилиш жамоатчи инспекторларнинг вазифалари ҳисобланади. Инспекторлар, шунингдек, аҳоли ўртасида ахборот ва тушунтириш ишларни ҳам олиб бориши мумкин.
Экологик назорат бўйича жамоатчи инспектор бўлишни истаган фуқаролар эндиликда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қошида ташкил этилган Табиатни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув-услубий марказида таълим олиши мумкин. Марказда махсус дастур ва курслар ишлаб чиқилган бўлиб, уларни муваффақиятли якунлаганларга жамоатчи инспектор гувоҳномаси топширилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)