Давлат божхона қўмитаси томонидан 8 февраль, чоршанба куни «Божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Матбуот анжуманида Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши курашиш бош бошқамаси бошлиғи ўринбосари М.Миркомолов иштирок этиб, журналистларга мавзу юзасидан батафсил ахборотларни такдим қилди.
Хусусан, Давлат божхона хизмати органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган тадбирлар ва божхона кўрикларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилганлиги натижасида 19 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 68 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилгани таъкидланди. Аниқланган ҳолатларнинг 581 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг 1,2 мингга яқини божхона постларида ўтказилган божхона кўриклари натижасида аниқланган. 675 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари эса божхона экспертизалари натижасида фош қилиниб, 7,5 миллиард сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Айни пайтда барча чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари назорат-кўрик ва гиёҳвандлик моддаларини идентификация қилувчи воситалар, валюта детекторлари, металлоанализаторлар ҳамда бошқа техник ускуналар билан таъминланди. Бир қатор чегара божхона постларига 13 та катта ҳажмдаги юкларни комплекс назорат қилишга мўлжалланган сканер қурилмалари, радиация назоратини амалга оширувчи 11 та радиацион портал мониторлари ўрнатилди.
Уларнинг кўмагида йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган қиймати 331 миллион сўмдан ортиқ бўлган 79 турдаги автоулов эҳтиёт қисмлари яширинча олиб кирилаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
2016 йил давомида божхона органлари томонидан турли мазмундаги аудио ва видео маҳсулотлар ёзилган 5 мингдан ортиқ контрафакт маҳсулотлар аниқланган бўлиб, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бузилишининг олди олинди. Божхона органлари томонидан ноқонуний товарларни вақтинча сақлаш учун мўлжалланган жойларни фош этиш борасида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида умумий қиймати 4,1 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинди.
Ўтган йил давомида биргина аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган алкоголь ичимликлари ишлаб чиқарувчи 9 та яширин цех фош этилиб, 800 литрдан кўпроқ шу каби маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)