3 февраль куни Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер Университетининг 15 йиллиги муносабати билан хайрия концерти ўтказилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
«Эзгулик наволари» хайрия концерти ТХВУда 2012 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Университетнинг таваллуд топган кунини чиройли тадбирлар билан нишонлаш гўзал анъанага айланган. Бу йилги концертнинг катта аҳамиятга эгалиги шундаки, тадбирга университетни ташкил этишда қатнашган барча устозлар таклиф қилинди.
Анъанага кўра тадбирнинг бошланишида ўтган йилнинг натижалари ва университет ривожланишининг устувор йўналишлари айтиб ўтилди.
Университет БМТ Тараққиёт Дастури, Осиё Тараққиёт Банки, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорлик қилади. Университетда доимий равишда ҳаммага очиқ бўлган тадқиқот семинарлар ўтказилади. Ушбу семинарларни амалий фанларда ва тегишли соҳаларда катта амалиётга эга бўлган профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар олиб боради.
3 февраль кунининг байрам концерти дастурида университетнинг истеъдодли талабаларининг ёрқин чиқишлари билан бир қаторда, Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов, «Зўр-зўр стар» танлови ғолиби Улуғбек Холиқов ижро этган композициялар ҳам янграб ўтди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, концертнинг хайрия шаклида ўтказилиши 2012 йилдан бери анъанага айланиб қолган. Бу йил эса ТХВУ ва лицейи талабалари орқали йиғилган барча маблағлар 2-сонли «Мурувват» болалар интернатига йўналтирилади.
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер Университети (ТХВУ) 2002 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ташаббуси ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил қилинган. ТХВУ Марказий Осиёдаги халқаро тоифадаги аккредитациядан ўтган биринчи университетдир. 15 йил мобайнида университетни 2200 дан ортиқ талаба тамомлади ва ҳозирги кунда улар Ўзбекистоннинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)