Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сервер Жепаров Теҳроннинг «Истиқлол» клуби билан 1,5 йиллик шартномага имзо чеккан бўлса-да, янги жамоаси сафида бирорта ҳам ўйинда иштирок эта олгани йўқ.
Жепаров «Истиқлол» аъзоси бўлгани маълум қилинганидан кўп ўтмай, Теҳрон клуби январь ойида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмаслиги борасида гап чиқди. Чунки «Истиқлол» 2016 йилги мавсумда шу клуб шарафини ҳимоя қилган германиялик ярим ҳимоячи Одил Чихини норози қилган ва унинг маошларини тўлиқ тўлаб бермаган. Бундан воқиф қилинган ФИФА эса январь ойи учун «Истиқлол»га чеклов қўйган.
Бунинг оқибатида нафақат Сервер Жепаров, балки Эрон миллий терма жамоасининг январда «Истиқлол»га кўчиб ўтган сардори Андраник Теймуриён ҳам ўйин амалиятисиз қолиб кетиши мумкин эди. «Championat.asia» нашрининг форс матбуотига асосланиб хабар беришича, «Истиқлол» Жепаровни бошқа жамоага ижарага беришга яқин.
Қизиқ томони, Жепаровнинг янги жамоаси ҳам «Истиқлол» деб номланади. Шунчаки у Теҳрон эмас, балки Хузистонга тегишли. Хузистонликлар ўтган мавсум сенсацион тарзда Эрон чемпионлигини қўлга киритган бўлса-да, айни пайтда ички чемпионатда бор-йўғи 10-ўринни эгаллаб турибди. Шунга қарамай, мамлакатнинг амалдаги чемпиони сифатида «Истиқлол Хузистон» Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этади. Клуб мусобақанинг «B» гуруҳида Амирликларнинг «Ал-Жазира» ва Қатарнинг «Лаҳвия» клубларига қарши кураш олиб боради. Агар Қаршининг «Насаф» клуби плей-офф босқичидан ўта олса, шу гуруҳга қўшилади.
Маълумот учун, Хузистоннинг «Истиқлол» клуби 2008 йилда ташкил топган. Унинг уй учрашувлари салкам 39 минг мухлисга мўлжалланган «Ғадир» стадионида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)