Амирлик йиғинида бўлиб турган Санкт-Петурбургнинг «Зенит» ва Тошкентнинг «Локомотив» клублари ўзаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши хабар берилган бўлиб, «Зенит» тошкентликлар дарвозасига нечта гол уриши борасида сўровнома ҳам ўтказилганди.
Бунга асосий сабаб — 2012 йилги ўзаро тўқнашувда «Зенит»нинг 4:0 ҳисобида зафар қучгани эди. Орадан беш йил ўтиб кучлар анча тенглашиб қолгани кўринди. Мирко Еличич ҳамда Мирча Луческо тўқнашувида ҳисоб очилмади — 0:0.
Қайд этиш керак, «Зенит» Россия Премьер-лигасида Москванинг «Спартак» клубидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Осиё чемпионлар лигаси мусобақасига тайёргарлик кўраётган «Локомотив» эса Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланади.
«Зенит» Амирлик йиғини доирасида Хитойнинг «Чанчун Ятаи» клуби дарвозасига 5 та гол урган бўлса, Уммон жамоаси постини 14 бор ишғол қилганди. «Локомотив» эса ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди.
Маълумот учун, «Локомотив» чемпионлар лигасининг жорий масумдаги биринчи учрашувини 20 февраль куни Саудия Арабистонида «Ат-Тавун» клубига қарши ўтказади.
Изоҳ (0)