Осиё футбол конфедерацияси тартиб-интизом қўмитаси Жанубий Кореянинг «Чонбук Моторс» клубини қитъа чемпионлар лигасининг 2017 йилги мавсумидан четлатди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ «Чонбук Моторс» ўз чемпионатида келишилган ўйинларда иштирок этган бўлиши мумкин экани тахмин қилинганди. ОФК берган маълумотга кўра, жамоа Кей лиганинг 2013 ва 2014 йилги мавсумларида чиндан ҳам бу ишга қўл урган ва ҳакамларни ўз томонига оғдиришга улгурган.
Кей лигани ўтказиш учун жавобгар ташкилот бу ҳолатни аниқлаши билан «Чонбук Моторс»ни янги мавсум олдидан 9 очкодан маҳрум қилишга қарор қилди. ОФК эса 2017—2020 йилллар давомида амалда бўладиган регламентдан келиб чиқиб, «Чонбук Моторс»ни халқаро майдондан четлатди.
ОФК «Чонбук Моторс» қўл урган иш спорт принципларига зид экани ҳақида айтган. Расмий сайтдаги хабар остига эса ташкилот бу борада бошқа ҳеч қандай тушунтириш бермаслиги изоҳ сифатида ёзилган.
Маълумот учун, «Чонбук Моторс» Осиё чемпионлар лигасининг сўнгги мавсумида чемпионликни қўлга киритган бўлиб, финалда Амирликларнинг «Ал-Айн» клубини мағлуб этишга муваффақ бўлганди.
«Чонбук Моторс» қуръа ташлаб бўлинган 2017 йилги ОЧЛ мусобақасида «H» гуруҳида кураш олиб бориши керак эди. Энди унинг ўрнида Жанубий Кореянинг бошқа бир жамоаси «Жежу Юнайтед» гуруҳ босқичига қўшилади. Бу зонадан, шунингдек, Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» ва Хитойнинг «Жиангсу Сунинг» клублари жой олган. Тўртинчи рақиб номи плей-оффдан кейин аниқ бўлади.
Изоҳ (0)