Ўзбекистонда тўртта фармацевтика саноати зонасини (ФСЗ) яратиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақдаги Президент фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий актлар муҳокамаси порталида чоп этилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Қарор маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашнинг замонавий ишлаб чиқариш объектларини яратишга хорижий ва маҳаллий инвестиция маблағларини жалб қилиш, юқори қўшимча қийматли фармацевтика маҳсулотларини чиқариш, шунингдек, иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтиришга қаратилган.
Ҳужжат қуйидаги фармацевтика зоналарининг яратилишини кўзда тутади: Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида «Бойсун-фарм», Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Бўстонлиқ-фарм», Жиззах вилоятининг Зомин туманида «Зомин-фарм» ва Сирдарё вилоятининг шу номли туманида «Сирдарё-фарм» саноат зоналари.
Саноат зоналарнинг фаолият мухлати 30 йилни ташкил этади. Бу вақтни узайтириш имконияти сақлаб қолинади. Бу вақт ичида фармацевтика саноати зоналарида инвестициялар ҳажмига қараб 3–10 йиллик алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари амал қилади.
Изоҳ (0)