Япония G7 нинг бошқа мамлакатлари Сурия бўйича 7 декабрь куни эълон қилган қўшма баёнотни қўллаб-қувватламади. Бундан кўзланган асосий мақсад мазкур қарор бир ҳафтадан сўнг Россия президенти Владимир Путин ва Япония бош вазири Синдзо Абэ ўртасида бўлиб ўтган музокараларга салбий таъсир ўтказишининг олдини олиш эди, деб хабар беради «ТАСС».
«Биз бу масалада ТИВ ҳамда бош вазир девонхонаси амалдорлари иштирокида маслаҳатлашувлар ўтказдик. АҚШ ёки Европага эмас, Россияга мойиллик кўрсатишга қарор қилинди, негаки бизнинг ушбу баёнотдаги иштирокимиз Суриядаги ихтилофни бартараф этишда катта ўрин тутмасди», — деди Kyodo агентлигининг ҳукуматдаги манбаси.
Таъкидланишича, жорий йилда G7 га раислик қилаётган Япониянинг бу масаладаги позицияси гуруҳнинг бошқа иштирокчилари томонидан кескин танқид остига олинди. Уларнинг фикрича, расмий Токио ўз манфаатларини Сурия инқирозидан устун қўйиб, G7 бирдамлигига зарар етказди.
Баёнотга Франция, АҚШ, Германия, Канада, Италия ва Буюк Британия қўшилган эди.
Изоҳ (0)