Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг етакчи олимлари, зиёлилари, академиклари билан учрашиб, улар билан илм-фанни янада ривожлантириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошириш юзасидан дилдан суҳбатлашди. Бу ҳақда UzReport хабар бермоқда.
«Ўзбекистон» форумлар саройида бўлиб ўтган учрашувда академик олимлар кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш, фунтаментал йўналишларни ривожлантириш, академиклар мактабини яратиш, етакчи олимлар салоҳияти ва тажрибасидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар бериб, йиллар давомида дилда тугилиб қолган ўй-фикрлари билан ўртоқлашди.
Президент ўтган 25 йил давомида мамлакатда катта ислоҳотлар амалга оширилгани, барча соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилганини эътироф этган ҳолда бугунги таълим сифатини шиддат билан ривожланиб бораётган замонавий дунёнинг янгича талабларга мослаштириш лозимлиги, бу масалаларни бугун ҳал қилинмаса, эртага кеч бўлишини таъкидлади.
Сўз олганлар академиклар билан учрашув уюштириш, уларнинг дилида йиғилиб қолган фикр ва таклифларини эшитишдек шахсий ташаббус учун, олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича билдирган фикрлари учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик сўзларини изҳор қилди. Шунингдек, илм-фан йўналишларини ривожлантириш, бунинг амалий механизмларини йўлга қўйиш юзасидан бир қатор конструктив таклифларни илгари сурди.
Учрашувда қайта-қайта тилга олинган масала кадрлар тайёрлаш тизими бўлди. Ўзбекистонда бу борада тегишли база яратилган, фақат уни мукаммал тизимга айлантириш, бунинг учун эса ОТМда таълим дастурларини такомиллаштириш талаб этилади.
Мулоқот чоғида микробилогия фанини ривожлантиришдан тортиб тоғ-кон саноатига замонавий технологияларни жалб этиш, инсон ресурсларини ўрганиш, социология фанига эътибор қаратиш, инновацион технологиялар тараққиётида янги замонавий йўналишларни ҳам инобатга олиш, инвестицион дастурларни олимлар билан биргаликда ишлаб чиқиш, айниқса, хавфли объектларда роботехникани ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор муҳим масалалар кўтарилди.
Мулоқот сўнггида Шавкат Мирзиёев ҳар йили камида бир марта илм аҳли билан мана шундай дилдан суҳбатлашишини ваъда қилди.
Изоҳ (0)