Европанинг кучли бешлик миллий чемпионатларидан 3 тасида италиялик мураббий бошқараётган клуб етакчи бўлиб турибди. Бу эса Рождество вақтида Италия футболи шаънига илиқ фикрлар билдириш учун асос бўлади.
Унутиш керак эмас, бир мавсум олдин италиялик икки мутахассис шоҳсупада турганди. Массимилиано Аллегри «Ювентус»ни А серияда чемпион қилгани учун, Клаудио Раньери эса «‘Лестер’ эртаги»да қаҳрамон ролини ўйнагани учун.Карло Анчелотти
Германия Бундеслигасида «Бавария»нинг етакчилик қилиши одатий ҳолдек бўлиб туюлиши мумкин. Аммо Карло Анчелотти жамоани бошқараётганидан келиб чиқилса, унга нисбатан ҳурмат бажо келтирмасдан илож қолмайди.
57 ёшли мутахассис «Милан» билан Италия, «Челси» билан Англия, «ПСЖ» билан Франция чемпиони бўлган. Афсуски, унга «Реал» билан Испания чемпиони бўлиш насиб қилмади. Йўқса у «Бавария»даги эҳтимолий чемпионлиги билан кучли бешликнинг ҳаммасида олтин олган ягона мутахассисга айланиб олиш имкониятини қўлга киритарди.
Анчелоттининг Чемпионлар Лигасидаги хизматларини ҳам унутиб бўлмайди. «Реал» ва «Милан» у билан Европа тахтига қадар чиқиб келганди.
«Бавария»да Гвардиоладан кейин ишлаш муаммо келтириб чиқаради деб ўйламаганман. Аксинча, бунинг фойдали томонлари ҳам бор, футболчилар унинг фалсафасидан баҳраманд бўлган.Карло Анчелотти, «Бавария» клуби бош мураббийиАнчелотти шундай одам, у кескинлик ёки кўнгилсизлик келтириб чиқаришга интилмайди. У оғир ва босиқлиги билан муваффақиятга эришади. Балки шунинг учун бўлса керак, уни кучли бешликнинг ҳамма нуқтасида қадрлашади.
Антонио Конте
Италиянинг «Бари» клубини Б серия чемпиони қилгани яқин ўтмишнинг юлдуз футболчиларидан бири бўлган Антонио Контега катта доираларда ишончни пайдо қилди. Кўп ўтмай унга кутилганидек «Ювентус» ишониб топширилди.
Натижа ёмон эмас. Турин клуби қаторасига уч мавсум А серия етакчилигини ҳеч кимга бермади. Массимилиано Аллегри Чемпионлар Лигасининг финалига қадар етиб боргани учун ҳам биринчи навбатда «Ювентус»ни шакллантириб кетган Антонио Контега раҳмат айтиши керак.
Мутахассиснинг имкониятлари Евро—2016 да янада ёрқинроқ кўринди. Испания термасининг жуда чиройли тарзда мағлуб этилгани, юлдузлар билан тўла Бельгияга имконият қолдирилмагани, Германия қарши тенг ўйин Италия термасига, унинг ортидан эса бош мураббий Контега шуҳрат олиб келди.
«Челси»га ташриф буюрган Конте бугун АПЛда пешқадам. Клубнинг кетма-кет рекордларига сабабчи. Журналистларни Рождество билан меҳмон қилиб, Лондонда бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Англияда кетма-кет 13 та ўйинда зафар қучиш — фантастика. Аммо бу билан тўхтаб қолиш керак эмас. Мавсумнинг эндигина ярмига келдик.Антонио Конте, «Челси» бош мураббийи
Массимилиано Аллегри
«Ювентус»нинг А серияда пешқадам бўлиши бугун ҳеч кимни ажаблантирмайди. Аллегрининг Контедан кейин йўқолиб қолиши тахмин қилинган бўлса-да, у ҳаммасини янада яхшироқ давом эттира олди ва муносиб ўринбосар бўлди.
1 ками 50 ёш бўлган мутахассис Италияда нима ютиш мумкин бўлса, ҳаммасини ютиб олди. Чемпионлар Лигасига ҳам бир қадам қолганди, «Барселона» довонидан ўта олмади. Бироқ ўша мақсад сари ҳаракатдан тўхтамаган.
Италиялик мураббийларнинг бу юриши кўпчиликнинг олқишига сазовор. Йил якунига қадар улар бу темпни ушлаб қола олармикин?
Изоҳ (0)