Ҳиндистоннинг Мератх шаҳрида яшовчи аёл бош вазир Нарендра Модидан хатолик туфайли унинг банк ҳисобига тушган миллиард рупияни (14,6 миллион доллардан ортиқ) нима қилишни сўради. Бу ҳақда 27 декабрь, сешанба куни The Financial Express нашри маълум қилди.
Шитал Ядав фабриканинг қадоқлаш бўлимида ишлайди ва ойига беш минг рупия маош олади. 18 декабрь куни у ўз банк картасидан пул ечаётганда ҳисобида миллиард рупия борлигини билиб қолди. Аёл кўзларига ишонмасдан банкоматда навбатда турган қўшнисидан катта рақамларни ўқиб беришни илтимос қилди. У картада шунча пул борлигини тасдиқлади. Ядав бошқа банкомат топди, бироқ буниси ҳам шу суммани кўрсатди.
Аёл банкка мурожаат қилди. Икки кун давомида унинг шикоятини қабул қилишни рад этишди. Шундан сўнг Ядав турмуш ўртоғи билан ҳукумат раҳбарига мурожаат қилишга қарор қилди. Улар бу пуллар ўзига тегишли бўлиши мумкин эмаслигини таъкидламоқда. Миллиард рупия 50 минг рупиядан ортиқ маблағ сақлаш мумкин бўлмаган ҳисобга тушганлиги ҳам хатоликдан далолат беради. Аёл Модидан муаммони ҳал қилишга ёрдам беришни сўради.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)