Янги йилга ҳам жуда кам вақт қолди. Бу байрам йилнинг энг сеҳрга бой фурсатидир. Унда мўъжизалар дунёсига ғарқ бўлиб, ҳеч бўлмаса бир кеча ҳақиқий қироличага айланиш учун ажойиб имконият мавжуд. Бунинг учун такрорланмас байрам либосни ўз вақтида харид қилишга улгуриш муҳим.
Янги йилни кутиб олишда қизил кўйлак энг ёрқин либослардан бири бўла олади. Олов рангнинг тўқ сариқдан ёрқин қирмизигача бўлган туслари 2017 йилни кутиб олишда айниқса актуал бўлиши кутилмоқда.
Қизил ранг кўзга тез ташланади, байрам кечасида бошқа «оловли» хонимга айнан ўхшаб қолмаслик учун ўзига хос бичим, аксессуарлар ва соч турмагини танлашни тавсия этамиз. Агар кўйлак бичими очиқроқ бўлса, елкага накидка, бежирим камар ё сумкачадан фойдаланиш мумкин.
Агар қизил сизнинг рангингиз бўлмаса, оловли рангларнинг бошқа тусларидаги либос танлашингиз мумкин. Улар: тилларанг-сариқдан тортиб жигарранг ва ҳатто қора ранглар бўла олади. Матога келсак, мавсум трендлари бахмал ва ипакни танланг.
Полга тегиб турадиган узун кўйлак ҳар қандай қоматга кўрк бағишлайди. Тиззагача бўлган кўйлаклар эса хушбичим оёқларга урғу беради. Ниҳоят бел соҳасига ҳам урғу беришни унутманг — бунинг учун кенг камар ёки бант шаклидаги тасма ажойиб тарзда мос келади.
Тақинчоқ танлашда ҳам оловли унсур тошлари: лаъл, ёқут, маржон, шунингдек, олмосда тўхташни тавсия этамиз. Бу тошлар кишига тетиклик ва қувват бағишлайди.
Замонавий макияж ҳақида ҳам унутманг. Ёрқин ва тилларанг тенлар, ялтироқ зарлар, қизил лаб бўёғидан фойдаланишингиз мумкин.
Кўйлакдаги ярқироқ тошлар ҳам айни пайтда урфда бўлиб, бундай безаклар ҳаддан ортиқ бўлиб кетмаслиги лозим. Шусиз ҳам ёрқин рангда бўлган либосларда улардан фойдаланмасликни тавсия этамиз.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)