27 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мажлисда «Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини ижро этишга оид қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида» ва «Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги Олий суд пленуми қарорлари лойиҳалари кўриб чиқилди.
«Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарор лойиҳаси амалдаги қонунчиликка киритилган айрим ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ ишлаб чиқилди.
Айтиш жоизки, жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи ўз вақтида қоплаш фуқаролар ва юридик шахслар, давлатнинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис қарорда суриштирув, тергов органи ва судларга жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш асослари ва тартибига оид қонунчилик талабларига оғишмай амал қилиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган.
«Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини ижро этишга оид қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарор лойиҳасида судларга зарурат туғилганда, ҳукм чиқариш пайтида йўл қўйилган ҳар қандай шубҳа ва ноаниқликларни ҳукм моҳиятини ўзгартирмаган ва маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда ҳал этишга ҳақлилиги хусусида тушунтиришлар акс эттирилди.
Айрим ҳолларда қонуний кучга кирган суд қарорларини ижро этиш жараёнида ҳукм қилинган айрим тоифадаги шахсларнинг ҳукми ижросини кечиктириш, касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш, шартли жазони бекор қилиш, озодликни чеклаш жазо турларини бошқа жазо чоралари билан алмаштириш каби ҳолатлар учраб туради. Бу каби масалаларга доир материалларни судда кўриш тартиби ва муддатлари тўғрисида ҳам қарорда тегишли тушунтиришлар берилган.
Бундан ташқари, йиғилишда «Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши судлар ва жазони ижро этиш органлари учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки шу кунга қадар жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ илтимосномаларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди. Шу боис ҳам судьялар ушбу тоифадаги ишларни кўришда муайян муаммоларга дуч келаётган эди. Мазкур қарор лойиҳасининг қабул қилиниши амалиётдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириб, бу борада юзага келаётган масалаларни ҳал этиш имконини яратади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштиришга оид қонун талабларини аниқ ва оғишмай бажариш маҳкумларни қайта тарбиялаш, такроран жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда инсонпарварлик принципини амалда таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.
Муҳокама қилинган пленум қарорлари лойиҳалари амалдаги қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўллаш орқали ягона суд амалиётини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)