Ўзбекистон бош вазири виртуал қабулхонасига спорт мавзусида тушаётган мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда. Бу ҳақда «Спорт» газетаси «Дарё»га маълум қилди.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида истиқомат қилувчи фуқаролар Исақулова ҳамда Абдувоҳид Ваҳобовнинг виртуал қабулхонага йўллаган мактубидан сўнг уларнинг фарзандлари: 2009 йилда туғилган Самина Турдиқулова ҳамда 2010 йилда туғилган Абдуқодир Абдураҳмонов вазирлик тасарруфидаги бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захиралари спорт мактабининг соғломлаштириш гуруҳига жойлаштирилган.
Шу туманда истиқомат қилувчи Умида Шокирова юқоридаги мактаб учун тўлов миқдори ошиб кетгани борасида турмуш ўртоғининг II гуруҳ ногирони эканидан келиб чиқиб ариза йўллаган. Эндиликда унинг икки фарзанди 50 фоизлик чегирма асосида машғулотларда иштирок этаётгани айтилган.
Шунингдек, оғир атлетика билан шуғулланиш истагини билдирган қашқадарёлик Жаҳонгир Саидов ҳам мақсадига етган.
Аввалроқ «Бунёдкор» футбол мактабига қабул қилишларини сўраган ўсмирларнинг мурожаати ижобий ҳал қилингани, стол тенниси билан шуғулланиш учун шароити йўқ фарғоналик қизга эса ҳомий бириктирилгани айтиб ўтилганди.
Изоҳ (0)