2008—2011 йиллар давомида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби шарафини ҳимоя қилган черногориялик Дарко Маркович «Championat.asia» нашри билан суҳбатда бўлди.
«‘Пахтакор’ ҳозир аввалги даражасида эмаслигини биламан. Мен ўйнаган вақтда бундан кучлироқ эди. Оилам билан клубни ва у билан ўтган ширин хотираларни доим эслаб турамиз», — деган Дарко Маркович.
«Ҳозир Тошкентнинг ‘Локомотив’ клуби жуда кучли. Унга Мирко Йеличич мураббий бўлганини эшитиб, хурсанд бўлгандим. Чунки Миркони инсон сифатида ҳурмат қиламан. ‘Пахтакор’да ўйнаб юрганимда мендан маслаҳатларини аямасди», — деб айтиб ўтган Маркович. Қайд этиш керак, Мирко Йеличич бошқарувида «Локомотив» Ўзбекистон Олий Лигаси ва мамлакат кубогида чемпионликни тантана қилди.
«Тошкентнинг уч клубидан таклиф бўлса, албатта ‘Пахтакор’ни танлаган бўлардим. Бироқ айтишим керакки, ‘Локомотив’ ёки ‘Бунёдкор’дан таклиф тушса, уларни ҳам ўйлаб кўраман. Аҳир мен футболдан оиламни, болаларимни боқаман. Ҳозир оилам касбимдан хавотирга тушган», — деди 29 ёшли футболчи.
Марковичнинг сўзларига кўра, у айни вақтда яхши спорт формасида. Черногориянинг «Железничар» клубида тўп сурмоқда.
Аввалроқ молдовалик футболчи Вадим Чемиртан болаларининг қорнини тўйдириш учун ҳам «Бухоро» сафидан «Бунёдкор»га кўчиб ўтаётганини маълум қилганди.
Ўзбекистон Олий Лигасининг 2017 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросимида ПФЛ бош директори Фарҳод Магомедов 2016 йилги мавсум Ўзбекистонда 51 нафар легионер тўп сургани ҳақида айтиб ўтганди. Магомедов улар оиласини боқиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрганми ёки бошқа мақсадда, ойдинлик киритмаган.
Аввалроқ ташкилот Ғузорнинг «Шўртан» клуби сербиялик футболчига қарзини ўз вақтида тўлаб бермагани учун 3 очкодан маҳрум қилинганди. Магомедовнинг сўзларига кўра, «Шўртан» ҳам очколарсиз қолди, ҳам футболчидан қарзини узишга мажбур бўлди.
Изоҳ (0)