Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Москва шаҳрида бўлиб қайтди. Бунга эътибор қаратган «Футбол Экспресс» нашри Шомуродов билан боғланди, деб ёзди «Championat.asia».
«Москвадан қайтиб келганимга икки кун бўлди. У ерда кўп вақт бўлмадим. Шу боисдан ҳам ортиқча гапга ҳожат йўқ. Чунки ‘Бунёдкор’ билан яна бир йиллик шартномам бор», — деб масалага изоҳ берган Шомуродов.
Аввалроқ футболчи Россиянинг ProSports Managment компанияси билан шартнома тузган бўлиб, унинг келгуси фаолияти мана шу компания фаолияти билан боғлиқ бўлиши айтилганди.
Маълумот учун, 1995 йилда таваллуд топган Элдор Шомуродовни «Бунёдкор» Муборакнинг «Машъал» клубидан харид қилган. Кейинроқ футболчи ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида иштирок этди, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий футболчиларидан бирига айланди.2015 йил якунларига кўра Элдор Шомуродов ОФК томонидан Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлиш учун курашаётган уч номзод орасига киритилди.
Изоҳ (0)