АҚШнинг The National Interest ҳарбий-сиёсий журналида чоп этилган мақолада НАТО мамлакатлари ҳамда Россиянинг энг хавфли бештадан қуроли ўзаро қиёслаб кўрилди. Таҳлилчилар хулоса ўрнида икки тараф ҳам ўз қуролларидан тутиб турувчи омил сифатида фойдаланишини тахмин қилди.
Россиянинг энг хавфли беш қуроли
«Искандер-М» ракета комплекси«Искандер-М» аниқлиги, самарадорлиги, ракеталарни учиришга тайёрлаши ва бошқа тавсифларига кўра ўз тоифасидаги Ғарб муқобилларидан анча устун туради.
Фойдаланилаётган ўқ-дори номенклатураси таркибига бир поғонали қаттиқ ёқилғили, 500 километргача масофага мўлжалланган 9М723 ракетаси киради. Ракетанинг четлашиш эҳтимоли 5–7 метрдан ошмайди.
Ушбу хусусиятлари туфайли мазкур тизим аэродромлар, фронт орқаси пунктлари ва бошқа стационар инфраструктура учун ажалдай хавфли, деб ёзади мақола муаллифлари.
Су-27 қирувчиси
Нашр ушбу самолётни ҳажми, узоқ масофага учиши, тезлиги ва манёврларга мослашгани туфайли «ўлим келтирувчи платформа» деб атайди. «Су-27 ўз кўриниши билан нақадар хавфли эканлигини намойиш этади», — дейилади мақолада.
Су-27 ҳавони назорат қилишга мўлжалланган. Асосий модель бир жуфт турбореактив икки контурли Ал-31Ф двигателлари билан таъминланган. Нормал учиш массаси 22,5 тоннани ташкил этади. Су-27 олтитагача «ҳаво-ҳаво» тоифасидаги бошқарилувчи ўрта масофали ҳамда тўрттагача нишон олувчи каллакларга эга Р-73 яқин масофали ракеталарни таший олади. Самолёт планери модернизацияга яхши мослашгани боис харидорлар унга алоҳида эътибор қаратади.
С-400 зенит-ракета комплекси
Тизим 400 километргача масофада аэродинамик нишонларни, 60 километргача эса 4,8 километр/секунд тезликда учаётган баллистик нишонларни (қанотли ракеталар, тактик ва стратегик авиация самолётлари, баллистик ракеталарнинг ҳарбий блоклари) ура олади. Унинг радиолокацион воситалари 600 километргача бўлган масофада ҳаво нишонларини аниқлаш имконини беради.
Мақола муаллифларининг фикрича, С-400 нинг датчиклар тизими ниҳоятда самарали ҳисобланади, шу боис Россия бу комплекслар ёрдамида деярли ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар майдонида мудофаа зоналарини ярата олади. Қисқа масофали ракеталар тезкор ва манёврли нишонларга зарба бериш бўйича яхшиланган кўрсаткичларга эга.
«Шчука-Б» лойиҳаси сув ости кемаси
971 «Шчука-Б» лойиҳаси субмариналари (НАТО таснифи бўйича — Akula) учинчи авлод кўп мақсадли атом сув ости кемалари серияси бўлиб, 1983–2004 йилларда қурилган. Модернизациядан сўнг кемалар «Калибр» комплекслари билан қуролланиши кутилмоқда.
Мақола муаллифларининг фикрича, ушбу субмариналарининг юқори даражада махфий тутилиши ва яхши қуролланиши альянснинг нафақат кемалари, балки ер усти объектларига ҳам катта хавф туғдириши мумкин.
Россия махсус мўлжал қисмлари
Энг хавфли бешинчи қурол сифатида таҳлилчилар махсус мўлжал қисмлари ҳарбий хизматчиларини кўрсатди. Уларнинг фикрича, Россия махсус қисмлари турли ҳарбий ҳаракатлар якунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жиддий ҳарбий-сиёсий қуролдир.
«Махсус қисм қурол эмас, лекин у Россия қўлидаги энг самарадор воситалардан бири ҳисобланади», — таъкидланади материалда.
НАТОнинг энг хавфли беш қуроли
«Виржиния» атом сув ости кемасиАҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг тўртинчи авлод «Виржиния» кўп мақсадли атом сув ости кемалари. Субмарина махсус операциялар учун махсус жиҳозланган — сув ости аппаратлари, енгил аммуницияли ғаввослар учун шлюз камераси, контейнер ёки ўта кичик сув ости кемаси учун палуба боғичлари бор.
Бу тоифадаги кемалар рақиб субмариналари билан чуқурликда курашишга, шунингдек, соҳилбўйида операциялар ўтказишга мўлжалланган. Уларнинг бортида юқори аниқликдаги «Томагавк» қанотли ракеталари бор. АҚШ ҳарбий-денгиз кучларида 12 та бундай субмарина бор. Кейинги беш йилда яна тўққизта сотиб олинади. Кемалар ҳарбий юкламаси модули модернизациядан ўтиб, ҳужум салоҳияти анча оширилиши кутилмоқда.
F-35 қирувчиси
Бешинчи авлод истиқболли, кўзга ташланмайдиган қирувчи-бомбардимончиси АҚШнинг Lockheed Martin Aeronautics Company (Tactical Aircraft Systems) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
Бу қирувчиларнинг ишлаб чиқарилиши режадагидан бир неча йилга ортда қолмоқда, самолётнинг ўзи эса кўплаб техник носозликлардан азият чекмоқда. Донаси 100 миллион доллар турадиган F-35A Пентагоннинг энг қиммат қуролланиш дастурларидан бири ҳисобланади.
NI таҳлилчиларининг фикрича, вақт ўтиши билан F-35 қўрқинчли қуролга айланиши мумкин. Самолётнинг устун жиҳатлари сирасига уни пайқаш қийинлиги ҳамда кучли радиоэлектрон кураш тизимлари кўрсатилмоқда.
Қирувчининг уч хил варианти бор — ер усти самолёти, парвоз масофаси қисқартирилган, вертикал қўнувчи самолёт, шунингдек, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари учун палуба самолётлари.
B-3 бомбардимончиси
АҚШ B-3 узоқ масофали стратегик бомбардимончисини яратмоқда. Журналистларнинг фикрича, бу қурол келажакда Россиянинг ичкари ҳудудларидаги нишонларга таҳдид солиш имконини беради.
Лойиҳа B-2 бомбардимончисининг замонавийлаштирилган версияси ҳисобланади.
Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, битта самолёт нархи 500 миллион доллар туради. Ҳарбий ҳаракат радиуси — 4 минг километр, фойдали юклама — 12,5 тонна.
«Қоплон-2» танки
«Қоплон-2» тоифасидаги танк Германия Бундесверининг асосий ҳарбий танки ҳисобланади. У қўшинларга 1977 йилдан бери етказилади, айни пайтда Германия армиясига «Қоплон-2A7+» версияси етказилмоқда. Бу версия яхшиланган ҳимояга, рақамли минорага ҳамда машиналарни ягона автоматлаштирилган муҳитга уловчи ускуналарга эга.
Танклар Rheinmetall компанияси ишлаб чиқарган 120 миллиметрли тўплар билан жиҳозланади. 2015 йилда Германия мудофаа вазирлиги 100 та танк сотиб олиб, қуролланишдаги «Қоплон-2»лар сонини 328 тага етказди.
Шу билан бирга, таҳлилчилар ўқ-дори ва вольфрам етишмовчилиги боис снарядлар Россия танклари зирҳини ёриб ўтишига шубҳа билан қарамоқда. Снарядлар Т-80, Т-90 ва Т-14 «Армата» зирҳини ёриб ўтиши эҳтимоли кам.
AH-64 Apache вертолёти
1980 йиллар ўртасидан бери АҚШ армиясининг асосий ҳужумкор вертолёти ҳисобланади. Вертолётнинг бир қанча модификациялари мавжуд. 2014 йил ҳолатига кўра жаҳондаги энг кенг тарқалган ҳужумкор вертолётдир.
Вертолёт бортида 16 та Hellfire танкларга қарши ракеталарини ташиши мумкин, бу эса бир зарбада бутун бошли танк ротасини йўқ қилиш учун етарлидир.
Изоҳ (0)