Honda Motor Хитойда автомобиль заводи қурилиши бошланишини эълон қилди. Бу ҳақда 3DNews хабар бермоқда.
Завод Хубей провинцияси маъмурий маркази Уханда барпо этилади. Инвестицияларнинг умумий суммаси 3 миллиард юанни (435 миллион доллар) ташкил этади. Завод 2019 йилнинг биринчи ярмида автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлайди.
Заводнинг қуввати йилига 120 минг автомобилдан иборат ва бу Хитойда Honda машиналари ишлаб чиқариш йиллик ҳажмини 1,25 миллион донага етказиш имконини беради. Корхона Япония компаниясининг Хитойдаги олтинчи, Ухандаги учинчи заводи бўлади ва 2 минг кишини иш билан таъминлайди.
«Бу йил Honda автомобилларининг Хитойдаги сотуви 1,2 миллион донани ташкил этади», — дея тахмин қилди компания президенти Такахиро Начиго. Бу ўтган йилгига нисбатан 20 фоиз ошиқ бўлиб, Honda учун Хитойдаги янги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.