Барчамиз классик пиццага ўрганиб қолганмиз — хамир, қийма, пишлоқ. Биз эса сизга ҳар доимги рецептга янгича ёндашиб, таомни тескарисидан бошлаб тайёрлашни таклиф қиламиз. Қандай қилиб дейсизми? Ҳаммаси оддий...
Ҳар қандай пицца асоси хамирдан иборат. Ушбу рецепт учун хамиртурушли универсал хамирдан фойдаланиш мумкин.
Хамир ачигунга қадар пицца қиймасини тайёрлаймиз. Танлаган масаллиқларингизни исталган миқдорда олинг. Бу пиццада маҳсулотларнинг аниқ пропорцияси талаб этилмайди. Қовурилган булғор қалампири ва пиёз, қайнатилган брокколи ва қўзиқорин. Гўштнинг исталган шакли, қийма, колбаса маҳсулотлари, пишлоқнинг турли хиллари аралашмаси уларнинг ўрнини боса олади.
Ушбу пиццани тайёрлаш қоидаси қуйидагича: иссиққа чидамли керамик пиёланинг ички қисми ва ёнларига сариёғ сурилади. Идишнинг таг қисми қаттиқ пишлоқ бўлаги билан қопланади, шундан сўнг исталган қийма билан тўлдирилиб, сўнгра қайла (соус) қуйилади.
Тўлдирилган пиёла ёйилган хамир билан қопланади ва ортиқча жойлари қирқиб олинади. Хамирнинг ташқари қисмлари ичида қиймани тутиб туриши учун бироз баланд бўлиши керак.
Хамир юзасини сарёғ билан ёғлаб, пиццани 230 даража қиздирилган духовкада 12—15 дақиқа давомида пишириб оламиз. Хамирли қопқоқ қизаргандан кейин уни печдан оламиз.
Идишни эҳтиёткорлик билан ағдариб, атрофини пичоқ билан юритиб чиқамиз. Пиёлани эҳтиёткорлик билан олиб, пиццани бўлакларга бўламиз.
Изоҳ (0)