Саудия Арабистони суди Эрон жосуслик гуруҳининг 15 нафар аъзосига нисбатан ўлим жазосини қўллаш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали маълум қилди, деб ёзади Meduza.
Саудия Арабистони ҳукумати 2016 йилнинг июнида жосуслик тармоғининг 32 нафар ходими ҳибсга олинганлиги ҳақида маълум қилган эди. Улардан 30 нафари Саудия Арабистони фуқароси, бир нафари эронлик ва яна бир нафари афғонистонлик эди.
Улар Эрон разведкаси билан ҳамкорлик қилиб, Саудия армияси ҳақида маълумот етказган гуруҳни ташкил этишда айбланди.
Судланувчиларга, шунингдек, Эрон диний етакчиси Али Хоманаий билан учрашиш ва қироллик ҳудудида теракт уюштиришга уриниш бўйича айбловлар қўйилди. Гуруҳнинг баъзи аъзолари компьютер тизимларини бузишда айбдор деб топилди.
Гуруҳнинг қолган 17 аъзосига қандай жазо қўлланганлиги маълум қилинмади. AP агентлигининг маълум қилишича, бир неча судланувчи қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)